Қозоғистон Бош вазири ягона вақт минтақаси тўғрисидаги қарорни олқишлади

primeminister.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда ягона вақт минтақасини жорий этиш тўғрисидаги қарор чуқур илмий тадқиқотлар асосида қабул қилинди, бу фуқаролар саломатлиги ва фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда республика Бош вазири Олжас Бектенов Қостанай вилояти аҳолиси билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради ҳукумат матбуот хизмати.

«2017 йили бир гуруҳ америкалик олимлар инсоннинг циркад ритмларини ўргангани учун Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Ва бу тадқиқотда олимлар инсоннинг ўз табиий вақтида яшаши саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишини исботладилар. Шунинг учун ҳозир дунёнинг илғор мамлакатлари табиий вақт минтақасига ўтишга интилмоқда. Қозоғистон учун табиий вақт минтақаси биз ҳозир яшаётган вақт минтақаси, яъни UТC+5. Илгари, биласизми, биз бошқа вақтда эдик — UТC+6 да. Ўз вақтида давлат директива билан биз учун табиий бўлмаган зонага ўтказилган эди. Энди эса, аксинча, вақтни қуёш циклига мослаштирдик», — деди Бош вазир.

Унинг қўшимча қилишича, ягона вақт минтақасига ўтиш баъзилар учун ноқулайлик туғдириши мумкин, чунки «организм аста-секин бунга кўникади».

«Агар ҳудудларда қандайдир ноқулайликлар юзага келса, биз инфратузилма устидан ишлашимиз керак, ёритиш, меҳнат қонунчилигимиз рухсат берган мослашувчан иш жадвалини ташкил этиш билан шуғулланишимиз керак. Кейинчалик бу муаммоларни ҳал қиламиз», — деди Бектенов.

«Ҳеч қандай муаммо йўқ, ғамхўрлигингиз учун раҳмат. — дея сиёсатшунос Газиз Абишев Бош вазир сўзларини изоҳлайди. — Фақат, битта кичкинагина аниқлик мавжуд — Уст-Каменогорск ва Уралскда қуёш ботиши ва чиқиши бир-биридан 2 соатга фарқ қилади – бу ҳудудлардаги икки аҳоли бир вақтнинг ўзида «табиий вақтда» яшаяптими? Шунингдек, уйқу даври ҳам 1,5-2 соат давом этади. Демакким, мамлакатнинг Шарқи ва Ғарби бутун бир циклга фарқ қилади. Аммо, барибир бир хил вақт зонасида яшамоқдалар».

Қозоғистон жорий йилнинг 1 мартидан расман ягона вақтга ўтди. Бунгача мамлакатда иккита вақт зонаси бўлган, ҳукумат улардан фақат биттаси UTC+5 қолдирди, гарчи мамлакат ҳудудининг катта қисми қўшни вақт минтақасида бўлган бўлсада. Бу аҳолига ғамхўрлик қилиш билан изоҳланди, бироқ кўпчилик қозоғистонликлар янги қоидадан норози бўлишди. Улар бу қарорни бекор қилиш учун петицияга ўн минглаб имзо тўплашди ва ҳукуматни судга беришди, аммо бу уринишлар зое кетди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ