Олмаотада 2022 йил январидаги тартибсизликлар вақтида тинч аҳолини ўққа тутган ҳарбий судланмоқда, деб хабар беради Ulysmedia.kz. Айблов курсисида 5571-ҳарбий қисм командирининг 42 ёшли собиқ ўринбосари Айтчан Аубакиров ўтирган бўлиб, у давлат айблови томонидан оғир оқибатларга сабаб бўлган хизмат ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Айблов хулосасидан маълум бўлишича, 2022 йил 6 январь куни соат 19.30 дан 20.00 гача Республика майдонида Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг «А» махсус бўлинмаси ходимлари томонидан жабрланувчилар Жагипаров ва Капсаламов (иккаласи ҳам кейинчалик ўлдирилган – таҳр.изоҳи) ушланган. Уларни 5571-сонли ҳарбий қисмнинг 1-тезкор батальони қўриқлаган. Ҳарбий хизматчилар қўлга олинганларнинг қўлларини кишанлаган, шундан сўнг қўл ва оёқлари билан таналарининг турли қисмларига бир неча марта зарба беришган. Шунингдек, улар «маънавий ва жисмоний азоб етказган ҳолда» қурол билан ҳибсдагиларнинг белига, чотига уришган.
Бир неча соатдан кейин судланувчининг командири Аубакиров ҳисбдагиларни баррикада ортидадан олиб чиқиб, кишанларни ечган ҳолда қўйиб юборишга буйруқ берган. Аммо ҳарбий хизматчи Жагипаровнинг ўнг қўлидан кишанни ечганида, у яна калтакланишидан қўрқиб, ҳарбийни кескин итариб юборади ва Капсаланов билан биргаликда Сатпаев кўчаси бўйлаб ғарбий томонга қочади.
Подполковник Аубакиров Жагипаров ва Капсалановлар қочиб кетяпти деб ўйлаб, уларга қарата ўқ узган. Натижада иккала жабрланувчи воқеа жойида ўлган.
Суд мажлисида Аубакиров жабрланганларнинг қариндошлари ва яқинларидан кечирим сўраган ва содир бўлган воқеадан таассуфда эканини айтган. Бироқ, ҳарбий хизматчи ўз айбини тан олмаган. У судга иш йўриқнома ва буйруқларни бажарганини тушунтирган, шунингдек, комендантлик соати вақтида ҳуқуқ-тартибот кучларига одамларга қарата ўқ узишга рухсат берилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, у Жагипаров ва Капсаламовга қарата ўқ узишидан олдин қўлга олинганларни кўрмаган. Улар қочган пайда намойишчилар ҳарбий қисм баррикадасини буза бошлашган. Туман ва ёмон кўриниш шароитида у фақат қочиб кетаётган силуэтларни, шунингдек ўқлар ярқираганини кўрган, шунинг учун у автоматдан 20 га яқин ўқ узган, бир қисмини ҳавога ва 10 тасини тўғридан-тўғри қочиб кетаётган одамларга қарата отган.
Отишма тўхтатилгач, на у, на бошқа ҳарбий хизматчилар яқинлашиб, воқеа жойини текшириб кўришмаган, баррикадалар ортида қолишган.
Vlast.kz хабарига кўра, 18 декабрь куни бўлиб ўтган суж мажлисида гувоҳлардан бири, Ерлан Жагипаровнинг дўсти Асқар Увалиев ҳам сўзга чиққан. Унинг сўзларига кўра, ўшанда, 6 январь куни Жагипаров соат 19:00 га қадар шаҳарнинг қуйи қисмидаги уйида меҳмон бўлган. Кейин Самал микрорайонидаги уйига қараб йўл олган. Аммо орадан 40 дақиқа ўтгач, Жагипаров Увалиевга қўнғироқ қилиб, Миллий гвардия томонидан ҳибсга олинганини хабар қилган. Кечаси соат 12 дан кейин Жагипаров телефонни кўтармай қўйган.
Ерлан Жагипаров археолог ва машҳур «петроглиф овчиси» бўлган. 2022 йил январь ойи бошида ижтимоий тармоқларда унинг оиласи ва кўплаб дўстлари томонидан қидирилаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган ва 12 январь куни қариндошлари унинг жасади ўликхонада эканидан хабар топишган. Марҳумнинг укаси Нурлан Жагипаров айтишича, Ерланни ўликхона коридорида кишанланган, шафқатсизларча калтакланган ва юрагидан ўқ еб ўлган ҳолда топган. Ерлан Жагипаров 49 ёшда бўлган.