Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев энергия сарфи кам ва қўшимча қиймати юқори бўлган тармоқларни ривожлантириш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президент 27 январь куни «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили давлат дастури лойиҳаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Мирзиёев ресурс тежайдиган иқтисодий моделга ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Мажлисда электротехника, автомобилсозлик, фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида 1 тонна энергия сарфига тўғри келадиган қўшилган қиймат кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик тармоғидагидан 15-20 баробар юқори экани таъкидланди. Шу боис энергия сарфи кам ва максимал фойда келтирадиган тармоқларни ривожлантириш, ҳамма жойда ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш зарур. Давлат дастури доирасида 400 та йирик корхонада энергетика аудити ўтказилади.
Жорий йили иқтисодий ўсиш суръатларини камида 6 фоиз даражасида сақлаб қолиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 125 миллиард доллардан зиёдга етказиш мақсад қилинган. Шу муносабат билан Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга харажатларни 15-20 фоизга камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига қўшимча қийматни оширишга қаратилган дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Яқин келажакда ривожланган мамлакатлар фақат «яшил технологиялар» ёрдамида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишлари кутилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг умумий энергетика тизимида «яшил» энергиянинг улуши 16 фоизга етди. Жорий йили бу кўрсаткични 26 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунга эришиш учун 3,5 ГВт қувватга эга яна 16 та йирик қуёш ва шамол электр станцияси, 160 МВт қувватга эга 5 та йирик ГЭС ва 1,8 ГВт энергия сақлаш қуввати ишга туширилади.
Мирзиёев қўшимча равишда 1 ГВт қувватга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш, давлат корхоналари ва хусусий уйларда қуёш батареяларини ўрнатишни рағбатлантиришни давом эттириш бўйича топшириқ берди. Таълим ва тиббиёт муассасаларида иссиқлик насоси тизими жорий этилади.
2030 йилгача экологик тоза ишлаб чиқариш лойиҳалари улушини жорий йилдаги 15 фоиздан 55 фоизга ошириш режалаштирилган. Кам углеродли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлардан 300 миллион доллар жалб этилади.
Бу борадаги саъй-ҳаракатлардан ташқари, жорий йили кўчат етиштириш бўйича 18 та ўрмон хўжалиги ташкил этилиб, ўсимликларни онлайн сотиш бўйича «Яшил олам» платформаси ишга туширилади. Экологик тоза технологиялардан фойдаланадиган корхоналарга «яшил тадбиркор» мақоми берилади.
ℹ️ Охирги уч йилда жойларда 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди, 35 та кичик ГЭС қурилди. Саноатда “яшил энергия” сертификати тизими жорий қилинди. Қуёш панеллари ўрнатган хонадонлар 60 мингдан ошди. “Яшил макон” дастури доирасида дарахтлар экилиб, боғлар яратилаяпти. Сувдан тежаб-тергаб фойдаланилаяпти, дея таъкидлайди давлат раҳбари матбуот хизмати.