Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Азиз Тошпўлатовни республика Ички ишлар вазири лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Мулозим бунга қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган, дея аниқлик киритади давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Асадовнинг сўзларига кўра, бундан илгарироқ А.Тошпўлатов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.
Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг ҳозирда собиқ бошлиғи 2017 йил сентябрь ойидан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигини бошқариб келган Пўлат Бобожонов ўрнини эгаллади. Бобожоновнинг истеъфога чиқиши сабаблари ҳақида маълумот берилмаган.
ℹ️ Азиз Тошпўлатов 1978 йили туғилган. Наманган ва Самарқанд вилоятлари ички ишлар бошқармасида ишлаган. 2019-2020 йиллари республика Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2020 йил март ойидан буён Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига раҳбарлик қилган. Генерал-майор.
ℹ️ Пўлат Бобожонов 1961 йили туғилган. У узоқ вақт Бош прокуратура тизимида ишлаб келган, беш йил давомида назорат маҳкамаси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. 2012 йилдан буён мансабдор шахс Хоразм вилояти ҳокими, шундан сўнг 2017 йили Ички ишлар вазири этиб тайинланган. Генерал-лейтенант.