Қўл теккизилмасин

Amnesty International экспертлари — ўзларининг Марказий Осиёда қийноқларга қарши кураш бўйича қисқа онлайн-курслари ҳақида
ҚИЙНОҚЛАРГА ҚАРШИ AMNESTY INTERNATIONAL ПЛАКАТИ . SOSTAV.RU САЙТИ ИЛЛЮСТРАЦИЯСИ

Amnesty International “Қийноққа солинмаслик ҳуқуқи”, дея аталувчи ўқув лойиҳасини ишга солди, унга Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги мамлакатларидан олинган материаллар асос бўлган. “Фарғона” агентлиги Amnesty International ходимларига саволлар билан мурожаат этиб, ташкилот нега энди Марказий Осиёга катта эътибор қаратмоқда, инсон ўзининг қийноққа солинмаслик ҳуқуқини ҳимоя қила оладими ва ҳуқуқ ҳимоячилар мазкур минтақада одамлар билан шавқатсиз муносабатларга қандай кураш олиб бораётганлари ҳақида сўради.

Amnesty International — 1961 йилдан бери фаолият юритаётган нодавлат ташкилоти бўлиб, унинг миссияси – бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши учун кураш олиб боришдир. Amnesty International фаолияти юксак мукофотлар ва шу жумладан, Нобель мукофоти ҳамда БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича мукофоти билан тақдирланган

Ҳеч ким қийноққа солинмаслиги керак

— Нега энди сизнинг янги лойиҳангизга айнан Ўзбекистон бўйича маълумотлар асос бўлиб қолди?

Стася Денисова, Европа ва Марказий Осиё бўйича ўқув дастурлари координатори:

— Бизнинг “Қийноққа солинмаслик ҳуқуқи” дея аталувчи қисқа онлайн-курсимиз Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун мослаштирилган бўлиб, унда қийноқларга қарши курашнинг халқаро меъёрлари ва ҳуқуқий механизмларининг таърифи келтирилган ва минтақанинг барча аҳолиси учун мўлжалланган. Лекин курснинг мақсадли аудиторияси чиндан ҳам айнан Ўзбекистон бўлиб қолмоқда. Amnesty International анчадан бери бу мамлакатдаги қийноқлар муаммоси билан изчиллик билан шуғулланиб келади. Бунинг учун ташкилот тадқиқотлар ва кампаниялар ўтказади ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келади.

Сўнгги пайтда республика расмийлари билан тўғридан-тўғри алоқаларимиз давомида, шу жумладан, 2018 йилда делегациямизнинг Тошкентга ташрифи доирасида, республиканинг расмий шахслари ҳамда барча савиядаги мутасаддилар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида тақдим этилажак экспертлик ёрдамини ва айниқса, таълим дастурларини олқишлашини қайта ва қайта таъкидлаб келдилар. Шунинг учун ҳам бу сўровга тўғридан-тўғри жавоб бўлиб қолади. Албатта биз Ўзбекистон расмийлари, агар улар ўз истакларига риоя қилган ҳолда бизнинг онлайн-курсни мамлакатда тарқатиш ишида ёрдам кўрсатсалар, улардан миннатдор бўлардик.

—Нега энди айнан қийноқлар мавзуси танланган?

— Қийноқлар, шавқатсиз ва ғайриинсоний жазолар ва муносабатлар – инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишларидан бири бўлиб, бутун Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун характерли ҳолат сифатида кўрилади.

Бундан ташқари, услубий нуқтаи назардан олиб қараганда, махсус тайёргарлик кўрмаган аудитория учун инсон ҳуқуқлари тушунчасини очиб беришга айнан қийноққа солинмаслик ҳуқуқи яхши ёрдам беради. Ҳар ҳолда, бегуноҳ ёш йигитни ҳимоя қилиш зарурлиги тўғрисида аудиторияни ишонтириш осон. Лекин, агар гап “босар-тусарини билмай қолган давлат амалдори” ҳақида кетаётган бўлса ва жамоатчилик уни жуда ҳам яхши кўрмаса, унда нима қилиш керак? Ҳуқуқ ҳимоячилар учун ҳам биринчи ва ҳам иккинчи ҳолатда қийноқларда айбдор шахсларнинг қилмишларини текшириб, жазога тортилишларига эришишлик муҳим.

— Сизнинг курсларингиз “Қийноққа солинмаслик ҳуқуқи” деб аталади. Бу ҳуқуқни қандай қилиб ҳимоя қилиб олиш мумкин? Агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жисмоний зўравонлик қўлласа, нима қилиш керак?

— Курс доирасида биз қийноқларга қарши курашнинг системали даражасида қандай халқаро ва регионал механизмлари мавжудлиги ҳақида ҳикоя қиламиз. Жабрланганларга амалий даражада тавсиялар бериш учун биз курсга маслаҳат бера оладиган ва айрим ҳолатларда ҳуқуқий ёрдам кўрсата оладиган ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг рўйхати тўғрисидаги маълумотларни киритганмиз.

Стася Денисова . Amnesty.org сайти фотосурати

Қийноқлар муаммосини муваффақиятли тугатиш учун нафақат сиёсий ирода ҳамда муайян системали ўзгаришлар киритилиши лозим, балки жамоатчилик ҳар қандай ҳолатда ҳам қийноқларга йўл қўйиб бўлмаслиги борасида консенсусга (ягона фикрга келиши) эришишиш зарур. Бизнинг онлайн-курс Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ким бўлишидан қатъий назар, у яхши одам бўладими ёки ёвуз жиноятчими, ҳеч ким қийноқларга солинмаслиги керак деган ғоянинг мустаҳкам ўрнашиб олишига ёрдам беради, дея умид қиламиз.

Лойиҳа доирасида биз инсон ҳуқуқлари билан олдин қизиқмаганлар ҳам материални тушуниб англаб олишлари учун мураккаб нарсаларни оддий сўзлар билан тушунтириб беришга ҳаракат қилдик. Бунинг учун биз видео, интерфаол хариталар, қийноқлардан жабрланганларнинг бошидан кечирганлари тўғрисидаги ҳикоялар ва тестлардан фойдаландик.

Курс Марказий Осиёда дастлабки синовлардан муваффақиятли ўтиб олди, жумладан ўзбекистонлик респондентлар унинг фойдалилик даражасини 10 баллик тизим бўйича 9 баллга баҳоладилар. Таҳсил олувчилар материаллар оддий, тушунарли ва лўнда тилда баён этилганини, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, Amnesty International ташкилотининг ҳар йили ўтказиладиган “Хатлар марафони” доирасида қийноқлардан жабрланганларнинг тақдирида иштирок этиш имконияти тақдим этилганини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

—Сиз тақдим этаётган курс кимлар учун мўлжалланган? Уни қандай қилиб кўриш мумкин, у пулликми ёки обуна бўйича тарқатиладими?

— Лойиҳамиз 14 ёшдан юқори бўлган, ҳуқуқ ҳимоя тематикаси билан унчалик таниш бўлмаган кенг аудитория учун ишлаб чиқилган. Дастлабки синовларимиз давомида курс юқори синф ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг турли ихтисосликлари бўйича таҳсил олаётган талабалар учун қизиқарли эканлигини кўрсатиб қўйди. Бироқ курс турли давлат маҳкама ва идоралари ходимлари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Ўқитувчилар, муаллимлар ва мураббийлар учун қийноқлар муаммоси бўйича махсус таржима қилинган ва маҳаллий шароитларга мослаштирилган машғулот режалари билан танишиш айниқса қизиқарли бўлади. Машғулотлар доирасида таҳсил олувчилар қийноқлар қандайдир ҳолатларда тергов олиб боришнинг самарали воситаси бўла олиши мумкинлиги борасидаги мунозараларда иштирок этишлари ҳамда саҳналаштирилган ўйинлар давомида қийноқлардан ҳимоя қилишнинг ўз кафолатларини ишлаб чиқиш ва уларни Amnesty International ташкилотининг рўйхати билан қиёслаши мумкин бўлади.

Бизнинг курсларимиз бепул, бунинг учун сайтда рўйхатдан ўтиш керак бўлади, холос. Курсни муваффақиятли ўтагандан кейин таҳсил олувчига махсус сертификат топширилади.

Қийноқлар – одатий ҳолат

— Ўбекистонда қийноқлар қўлланиши борасидаги аҳвол қандай? Қийноқларни тугатиш учун қандай ислоҳотларни ўтказиш лозим?

Майзи Вайчердинг, тадқиқотчи:

— Президент Мирзиёев жуда муҳим ва позитив ислоҳотларни ўтказаётганига қарамай, қонунчиликка киритилган ижобий ўзгаришларнинг амалиётда қониқарсиз даражада қўлланаётгани Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон одатдаги воқелик бўлиб қолаётганининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу соҳадаги вазият Каримов президентлиги даврдаги вазиятдан деярли фарқ қилмайди.

Тошкент Тергов изоляторида маҳбуснинг калтакланиши. Ozodlik.org сайтидан олинган видеоёзувдан бир кадр

Кучишлатар тузилмалар – ИИВ, Давлат хавфсизлиги хизмати, Бош прокуратура ва бошқа идораларнинг ходимлари ўзларининг жазосиз қолишларига ишонадилар ва уларнинг бу ишончларининг таги пуч эмас. Мазкур хизматларнинг ёпиқлиги, уларнинг фаолияти устидан реал жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларининг йўқлиги, корпоратив бирдамлик ва манфаатлар тўқнашуви, қийноқларни қўллайдиганлар ва бу қилмишларни текширишга масъуллар битта идоранинг қўлида бўлгани – буларнинг ҳаммаси, шу жумладан, бир неча йил олдин қўлланган қийноқлар борасидаги текширувларнинг самарали олиб борилишига халақит беради.

Расмийлар жиноятларнинг устидан қандайдир халқаро текширувлари ўтказилишига системали равишда йўл беришмайди ва сўнгги йигирма йил давомида бор-йўғи бир неча холатлардагина халқаро суд экспертлари билан ҳамкорлик қилганлар. Ўзбекистонда кучишлатар тузилмалари ходимларининг ҳаракатлари устидан берилган шикоят аризаларини кўриб чиқиш механизми йўқ. Суд тизими ислоҳотларининг турли йўналишларига қарамай, шу чоққача турмаларнинг мустақил мониторинг тизими яратилмаган.

Токи мониторинг гуруҳларига турмаларни бориб текшириш ҳуқуқи берилмас экан, Тергов изоляторлари (СИЗО), Вақтинча сақлаш изоляторлари (ИВС) ва колонияларда қийноқлар қўллаш амалиёти тўхтамай давом этаверади.

Елена Франклин, кампейнер (кампания менежери):

—Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши ҳолатларини камайтириш учун расмийлар қийноқлар ва шавқатсиз муносабатларнинг бошқа шаклларининг олдини олиш бўйича ўзларининг халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажаришга киришишлари лозим. Жорий йилнинг январь ойида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистон учун тавсияларнинг батафсил рўйхатини баён этиб, ушбу муаммони тугатиш учун зарур бўлган муайян ҳаракатларни таърифлаб берди.

Мисол учун, БМТ Қўмитаси мамлакат суд тизимининг заифлиги ва самарасиз эканлигини таъкидламоқда. Прокуратура жуда кенг ваколатларга эга бўлиб, ноаниқ ва дудмал тарзда шаклланган асосларга кўра судьяларга нисбатан интизомий жазога тортиш жараёнини қўзғатиши мумкин. Бу суд процессининг ижро ҳокимиятига қарамлигини кўрсатмоқда.

Қийноқлар амалиётини тугатиш учун улар ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва шикоятларни қабул қилиш тартибини ўзгартириш ҳамда халқаро ва миллий кузатувчилар вазиятни мониторинг қилишда фойдалана олишлари учун ушбу маълумотларни очиқ матбуотда чоп этиш имкониятига эга бўлиш зарур. Расмийлар томонидан қийноқлар қўллангани тўғрисидаги аризаларни системали равишда холисона ва очиқ рўйхатга олиш жараёни уларнинг мунтазам равишда қўлланиши амалиётига чек қўйиш йўлидаги жиддий қадам бўлиб қолиши мумкин.

—Марказий Осиёда қийноқларнинг қўлланишига қарши кураш олиб боришнинг ўзига хос хусусиятлари борми?

Ҳуқуқ ҳимоячилар Ўзбекистондаги аёллар колониясида. Ombudsman.uz сайти фотосурати

Майзи Вайчердинг:

—Марказий Осиёдаги бешта давлатларнинг ҳаммасида жазони ўташ муассасаларида мустақил мониторинг ўтказишнинг чинакамига самарали механизми йўқлиги бизнинг минтақадаги фаолиятимизни жуда ҳам қийинлаштирувчи ҳолат бўлиб қолмоқда. Туркманистон ва Ўзбекистонда ҳукумат идораларининг расмий баёнотларига қарамай, бунақанги мустақил механизмларнинг ўзи йўқ. Тожикистонда жазони ўташ муассасаларига кириш қатъий чекланган, нодавлат ташкилотлари олдиндан хабардор қилмай ва қамоқхона ходимларининг кузатувисиз турмаларга кира олмайдилар. Қирғизистон ва Қозоғистонда жамоатчилик мониторинг гуруҳлари кўп ҳолларда қамоқхона маъмуриятини олдиндан огоҳлантирмай турмаларни бориб текшириш имкониятидан маҳрумлар, МХҚ/ДМХҚ каби хизматларнинг Тергов изоляторлари каби кўплаб қамоқхоналарнинг эшиклари эса ҳозиргача нодавлат ташкилотлари учун ёпиқ қолмоқда.

Айни пайтда қийноқлар тўғрисидаги шикоятлар бўйича расмий статистик маълумотларни текшириш амалда имкониятсиз бўлиб қолмоқда. Кўплаб мамлакатларда қамоқдаги маҳбуслар тўғрисидаги маълумотлар ҳозиргача давлат сирига тенглаштирилмоқда.

— Amnesty International қийноқлар қурбонларининг гувоҳлари билан қандай ҳолатда иш олиб боради? Сизнинг ташкилотинингиз қийноқлар тўғрисидаги хабарларга доим ҳам ишонаверадими? Маълумотлар қандай йўл билан текширилади?

—Биз икки босқичли ёндашув қоидасига амал қиламиз: қийноқларнинг индивидуал ҳолатини оламизда, одамларнинг ва уларнинг яқинларининг кўп йиллар давом этган жисмоний, эмоционал ва руҳий саломатлигига жароҳатловчи таъсирини ҳар томонлама ёритиш учун қатъий тартиб билан жабрланганларнинг ўзлари, уларнинг оилалари, адвокатлар, нодавлат ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячилар билан ишлаймиз. Биз қийноқлар қурбонлари билан бирдамликни қўллаб келамиз, одамларни жинояткорона тарзда қийноқларга солаётган, уларни қўллаётган ва қийноқларни одатий меъёр дея санайдиган мутасаддиларни жавобгарликка тортиш учун қўлимиздан келадиган бор ишларни қиламиз.

Ишимизнинг асосий тамойили – қийноқлар қурбонларига, уларнинг оилаларига ёки қийноқлар ёки шавқатсиз муносабатларнинг гувоҳларига ҳеч қандай зарар етказмасликдан иборат. Биз ўзининг бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб беришга тайёр бўлганларнинг рухсати бўлмаса, ҳеч қачон у ҳақдаги материални чоп этмаймиз. Биз доим тақдим этилган материалларни турли манбаларидан фойдаланган ҳолда, бўлиб ўтган асосий фактларнинг ҳақиқийлиги борасида ҳеч қандай шубҳа ва гумонлар қолмайдиган ҳолатга қадар қайта ва қайта текширувлардан ўтказамиз.

Мисол учун, Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировнинг иши бўйича текширувлар бир неча ой давом этган. Маълумотларни биз турли манбаларда олиб келдик ва ҳар сафар улар битта ҳолат – Қодировга нисбатан қийноқлар қўллангани, қўрқитилгани ва таҳқирлаганини кўрсатаверди. Собиқ бош прокурор фигурасининг зиддиятли эканлигига қарамай, биз унинг ишидаги фактлар бўйича ўз позициямизни очиқ-ойдин билдириб келганмиз, ваҳоланки президент Каримов ҳукмдорлиги даврида Amnesty International, мисол учун, Андижон воқеаларидан сўнг содир этилган қийноқларни текшириш мақсадида Қодировга бир неча бор мурожаат қилиб, ҳеч қандай натижага эришмаган эди.

Amnesty International ҳар қандай процессда, қурбонларнинг шахси ким бўлишидан қатъий назар, қийноқлар қўлланишининг мутлақо тақиқланишини тарғиб қилади.

Азиз Якубов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ