БМТ давлатга ҳиёнат қилишда айбланган собиқ дипломатни ёқлаб чиқди

Қодир Юсупов. Facebookдаги саҳифасидан фотосурат

БМТнинг Асоссиз ҳибсга олинганлар бўйича ишчи гуруҳи Ўзбекистон ҳукуматини давлатга ҳиёнат қилишда айбланган собиқ дипломат Қодир Юсуповни дарҳол озод этишга чақирди, деб хабар беради маҳкумнинг тўнғич ўғли Бобур Юсупов.

«Ҳар икки томоннинг юридик аргементларини ўрганиб чиққан ишчи гуруҳи отам Қодир Юсупов Ўзбекистон ҳукумати томонидан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3, 8, 9, 10, 11 -моддалари, шунингдек Инсон ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пактининг 2 (3), 9 ва 14 — моддасини бузган ҳолда асоссий равишда ҳибсга олинган, деган хулосага келди. БМТ Ўзбекистон ҳукуматини Қодир Юсуповни дарҳол озод этишга ва айниқса COVID-19 пандемияси ва бу инсоннинг жисмоний ва руҳий ёмон ҳолатини инобатга олиб, унга компенсация тўлашга чақиради.

Олтита Халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ҳам шу каби чақириб билан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилган, уларнинг орасида — «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» ассоциацияси (AHRCA) бор. Ташкилот сайтида 2018 йил декабрь ойидан бери қамоқда ўтирган собиқ дипломатнинг юрак ҳасталиги ва руҳий касалликдан азоб чекаётгани айтилади. У Навоийдаги № 4 колонияда ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи шароитда жазо ўтамоқда. Ўтган йил апрелда маҳкумларга кам иш ҳақи тўланиши ва рўза тутишга имкон йўқлиги тўғрисида қилган шикоятидан сўнг Юсупов икки ҳафта карцерда ташланади. Муассаса маъмурияти уни қамоқ қоидаларини бузганликда айблаган. Жорий йилнинг февраль ойида собиқ дипломат яна жазога тортилган ва бу ҳолат унинг очиқликдаги колонияга ўтказилишига имкон бермаган.

Қодир Юсупов Ўзбекистоннинг Австрия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек республиканинг БМТ ва ЕХҲТ ҳузуридаги ваколатхоналарида ишлаган. У 2002-2005 йиллари ТИВ матбуот хизматини бошқарган. 2009 йили Юсупов хизмат ваколати тугаши сабаб Венадан Тошкентга қайтади ва шу билан унинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги фаолияти тугайди.

2018 йил декабрда собиқ дипломат Тошкент метросининг «Пушкин» бекатида поезд релсига йиқилиб тушади ва бошидан лат ейди. Касалхонада гўёки «Ғарб айғоқчиси эканини тан олган» Юсуповни хавфсизлик хизмати ходимлари сўроқ қиладилар. Собиқ дипломатнинг қариндошлари унинг бундай иқрорга келишига — 90 йиллар ташхис қўйилган руҳий касаллигининг авжга чиқиши оқибатида алаҳсираши сабаб бўлган, деб биладилар. Собиқ дипломат давлатга ҳиёнат қилишда айбланади ва тергов пайтида унинг адвокат танлашига имкон берилмайди. Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, Юсупов қийноққа солинган, унинг хотини ва болалари таҳдидга учраган.

2020 йил январда Ўзбекистон Ҳарбий суди Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходимини давлатга ҳиёнат қилишда айбдор деб топади ва уни беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум қилади. Бир неча ой давом этган суд жараёни ёпиқ ҳолатда ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди