Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг раҳбари Озодбек Назарбеков Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтига ректор этиб тайинланди. Вазирлик Telegram-канали хабарига кўра, Назарбеков иккита лавозимга раҳбарлик қилади.
Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ўзбек мақом санъати факультети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, халқ мусиқаси йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи Маданият вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаси шаклида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилган. Бу борада мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни фармон имзолаганди.
Янги ўқув даргоҳида «мақом ижро санъати», «бахши санъати», «катта ашула» йўналишида мутахассислар тайёрланади.
Бундан олдин Ўзбекистон Давлат консерваториясига республикада хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев ректор этиб тайинлангани хабари тарқаганди. Ўринбоев 1985 йили туғилган, Тошкент ва Москва консерваторияларини тамомлаган. Ҳозирда Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестрининг бош дирижёри бўлиб ишлайди.
2018 йили Мирзиёев иккита халқаро фестивални уюштирди: Термизда бахшилар санъати фестивали ва Қўқонда халқ ҳунармандчилик санъати фестивали ўтказилди. Анжуманлар ҳар икки йилда ўтказилади.
Бахши санъати фестивали ўтган йил апрель ойида бўлиб ўтди. Мазкур анжуман очилиш маросимида давлат раҳбари ушбу фольклор санъати «инсоният қўшиқчилик санъатининг бешиги», «инсоният томонидан яратилган маданият дурдонаси» эканига урғу бериб, уни глобаллашув даврида авайлаб-асраш зарурлигини таъкидлаб ўтди.