Мирзиёев Туркия халқини президентлик сайловларида Эрдоғанга овоз беришга чақирди

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Эрдоған. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия халқини президентлик сайловларида «азиз биродар» Режеп Таййип Эрдоғанга овоз беришга чақирди.

«Барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — деди Мирзиёев 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида.

Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Садир Жапаров ўз чиқишларида Эрдоғанга сайловларда муваффақиятлар тилади.

Навбатдан ташқари саммит Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан ўтказилди. Аzertagнинг тушунтиришича, дастлаб учрашув Шуша шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган, бироқ февраль ойи бошида Туркияда юз берган ва бир неча ўн минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган кучли зилзилалар муносабати билан йиғилиш «қардош мамлакатни қўллаб-қувватлаш мақсадида» Анқарада ўтказишга қарор қилинган.

Саммит фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларига бағишланди.

Тадбирда ТДТга аъзо барча беш давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этди. Иштирокчилар орасида, шунингдек, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва Ташкилотдаги кузатувчи мамлакатлар вакиллари: Туркманистон Халқ Маслаҳатияси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам бор эди.

Саммитда кузатувчи давлат президенти сифатида ўзини мустақил деб эълон қилган Шимолий Кипр Турк Республикаси (ШКТР) раҳбари Эрсин Татар ҳам иштирок этди. Эслатиб ўтамиз, Ташкилотнинг Самарқанддаги саммитида Эрдоған Шимолий Кипрни ТДТга таклиф этиш ва унга кузатувчи мақоми беришни таклиф қилган эди. Кейинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли саммит якунлари бўйича Шимолий Кипр шундай мақом олганини айтганди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Владимир Норов саммитдан кейинги брифингда «Шимолий Кипр бўйича алоҳида қарор имзоланмагани»га аниқлик киритди. Шунингдек, у «Шимолий Кипрни мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини» таъкидлади. Шунга қарамай, Эрдоған ўзининг Twitterдаги саҳифасида ТДТда Шимолий Кипр Турк Республикасига кузатувчи мақоми берилгани учун саммит иштирокчиларига миннатдорчилик билдирганди.

Ташкилот веб-сайтида ШКРК кузатувчи давлатлар қаторига киритилган.

Анқарада бўлиб ўтган ТДТ саммити иштирокчилари. turkicstates.org сайти фотосурати

Шуниси эътиборга лойиқки, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг матбуот хизматлари саммит ҳақидаги хабарларида Эрсин Татарнинг иштироки ҳақида сўз юритмаган (ушбу материал тайёрланган вақтда Қозоғистон президентининг сайтида тадбир ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаганди). Хусусан, Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати тўққиз нафар иштирокчидан саккиз нафарини (Татар бундан мустасно) тилга олиб, рўйхатни «ва Ташкилот институтлари ва тузилмаларининг бошқа вакиллари қатнашди» деган сўзлар билан якунлаган.

Саммит якунида Анқара делкарацияси қабул қилинди, Туркий инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди ҳамда фуқаро муҳофазаси механизмини шакллантириш юзасидан битимни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

ℹ️ Туркияда президентлик сайловлари 14 майга белгиланган. Эрдоғаннинг рақиби Туркия мухолифати ягона номзод сифатида кўрсатган Республика Халқ партияси (РХП) раиси Камол Қиличдарўғли бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил муз майдончаси очилди

  • Марказий Осиё постсовет республикалари президентларининг рафиқалари — ким улар?

  • Ўзбекистонликлар интернетда президентни ҳақоратламагани маъқул — бунинг учун қамоқ жазосини олиши мумкин

  • Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон маданий меросига оид янги китобларни тақдим этди