Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси. Янги Ўзбекистон халқаро лойиҳалари тақдимоти»ни ташкил этди.
Тадбирда дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари раҳбарлари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг меъморий лойиҳаси ҳамда марказда амалга оширилаётган муҳим лойиҳалар билан танишдилар. Тадбир доирасида қурилиш жараёни ва ИЦМ фаолиятига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тақдимот Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини бойитиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ҳамкорларни жалб этиш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари раҳбарлари иштирок этди.
Тақдимотни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Алоев ислом меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш соҳасида халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов кўргазмани ташкил этиш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш жараёни билан таништирар экан, марказ кўргазмаларида намойиш этилиши режалаштирилган 800 дан ортиқ лойиҳанинг 430 таси хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Марказнинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотлар офислари жойлаштирилади, бу Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун ўзига хос платформа яратади. Бундан ташқари, Марказ очилишига бағишланган глобал халқаро кўргазмалар ташкил этиш бўйича ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар турли мамлакатлардан 15 та музей, шахсий коллекция ва кутубхоналар ўз иштирокларини тасдиқлаб, Ўзбекистон маданий меросига бағишланган ноёб кўргазмаларни Тошкентга олиб келишга келишиб олдилар. Бугун эса барчангизни, азиз ҳамкорларни ушбу муҳим лойиҳада фаол ҳамкорликка ва биргаликда иштирок этишга чорлаймиз», — деди Абдухолиқов.
Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбккистон раҳбарининг 2025 йил 29 январь куни марказга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш бўйича келгуси режалар тақдим этилди. Тақдимотдан сўнг дипломатик корпус вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси Пергабриле Пападия де Боттини ўзбек халқини лойиҳалар билан фахрланишга ундади:
«Ислом цивилизацияси маркази менда катта таассурот қолдирди. Бу бутун ўзбек халқи фахрланиши керак бўлган чинакам кенг кўламли лойиҳадир. Ўзбекистон жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган. Биз Шарқнинг Ибн Сино каби буюк олимлари ҳақида биламиз ва дунёга шундай буюк номлар берган юрт билан ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз. Ўз навбатида, Италиядаги энг қадимий бўлмиш Болония университети кутубхонаси ўзбек олимларига миллиондан ортиқ китоблардан фойдаланиш имконини беради».
Малайзия элчиси Илҳом Туа бин Илёс ўз мамлакати Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик ўрнатганини ёдга олди:
«Малайзия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларни қамраб олади. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 4-5-февраль кунлари Куала-Лумпурга ташрифидан кейин янги имкониятлар очилди. Президентингиз ислом дунёқарашини ислоҳ қилиш борасида узоқни кўзлаган. Биз исломнинг илм-фан, маданият ва тараққиётга қўшган ҳиссасини кўрсатишимиз керак. Зеро, Ўзбекистон тиббиёт, астрономия, математика марказларидан бири бўлган. Бу йил Малайзия Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон маданий меросига оид нодир ашёларни тақдим этишни режалаштирмоқда».
Озарбайжон элчиси Ҳусайн Гулиев Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик алоқаларни таъкидлади:
«Кўрганларим кутганимдан зиёда эди. Марказнинг маҳобатли архитектураси уни яратиш ғоясининг кўлами ва аҳамиятини ўзида акс эттиради. Озарбайжон ва Ўзбекистонни Амир Темур саройида илоҳиётшуносларимиз, олимларимиз ва файласуфларимиз фаолият юритган даврдан бошлаб кўп асрлик тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туради».
Швейцария элчиси Константин Оболенский Ислом цивилизацияси марказига ташрифини қимматли тажриба деб атади:
«Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун қимматли тажриба бўлди. Бино архитектураси таъсирчан бўлиб, кўргазма ислом цивилизациясини чуқурроқ англаш имконини беради. Бу муҳим лойиҳа ёшлар ва катталарга ўз тарихи, маданияти ва диний анъаналарини чуқурроқ англаш имконини беради».
Ватиканнинг Ўзбекистондаги вакили епископ Ежи Мацулевич тарихни ўрганишда марказнинг аҳамиятини таъкидлади:
«Мен бу ерда аввал ҳам бўлганман ва ҳар сафар янги таассуротлар билан кетганман. Бу марказ Ўзбекистон тарихи, ислом, шунингдек, исломгача бўлган динлар ва бағрикенглик анъаналарини ўрганишда муҳим ўрин тутади».
Тожикистон элчиси Абдужаббор Раҳмонзода Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс сари ҳаракатини қайд этди:
«Ушбу марказнинг қурилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли амалга ошди. Бу ерда тарих, математика, астрономия ва илоҳиётга бағишланган илмий ишлар жамланган. Марказда тақдим этилган Имом Бухорий китоблари ва ҳадисларидан бутун ислом оламида фойдаланилади. Биз Ўзбекистон Учинчи Ренессанс сари интилаётганини гувоҳи бўляпмиз».
Покистон Ислом Республикаси Элчиси Аҳмад Фарук Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фанига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлади:
«Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун унутилмас воқеа бўлди. Бу марказ олим ва тарихчиларни бирлаштириб, ислом маданиятини илмий ва тарихий контекстда тақдим этади. Ўзбекистон жаҳон илм-фанига салмоқли ҳисса қўшаётганини кўриб турибмиз ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга умид қиламиз».
Туркиянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уфук Улуташ нутқ сўзлади:
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзбек меъморчилигининг замонавий қиёфасини акс эттирувчи муҳташам бинодир. Ташқи жабҳадан бошлаб, ички муҳит ҳам одамларга тегишли. Лекин энг муҳими, қимматбаҳо асарлар, анъанавий ва замонавий ёндашувлар, ўзбек санъатини акс эттирувчи асарлар ҳар бир ташриф буюрувчини чинакам ҳаяжонга солади. Мен бунга ҳисса қўшган барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Аслида бундай бинолар ислом оламида кўпайиши керак. Шунга ўхшаш бинолар бор, лекин менимча, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази очиш ақлли ғоя. Дарҳақиқат, муқаддимадаги барча олимларнинг суратлари жамланган бўлимда хаёлимга келган биринчи фикр шу пайтгача биз ўқиган ва кўрган Туркистон маданияти географияга тегишли деган фикр бўлди. Ишончим комилки, одамлар бу ерда нафақат ислом тарихи, балки Турон ва Туркистон тарихи ҳақида ҳам керакли маълумотларни олади.
Ҳозирда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда намоён бўлмоқда. Бугунги кунда маданият, санъат ва тарих соҳаларидаги ҳамкорлигимиз мисли кўрилмаган воқеадир. Сулаймония кутубхонаси ва IRSIKA ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражага кўтарилди ва ҳар икки ташкилот Марказда ўз офисларини очишни режалаштирмоқда. Туркиядаги Турк ва ислом санъати музейи билан ҳам жуда жиддий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Албатта, биз бу ҳамкорликни давом эттирамиз. Шуни таъкидлаш лозим, ҳар бир турк бу ерда тақдим этилган ҳар бир асар ва маданиятни кўриб, ғурур ва ифтихор ҳис қилади».
Конференция якунлари бўйича иштирокчилар халқаро ҳамкорлик истиқболлари ва ҳамкорлик дастурларини кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.