Россия Ўзбекистонга 1 миллиард долларлик озиқ-овқат етказиб беради ва мазкур Марказий Осиё республикасидан деярли бир хил миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилади. Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ўртасида Москвада бўлиб ўтган учрашувда мазкур тоифадаги товарлар бўйича савдо паритети муҳокама қилинди, деб хабар беради Россия вазирлиги матбуот хизмати.
Томонлар ўтган йил якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш 5,2 фоизга ўсиб, 10 миллиард долларлик кўрсаткичдан ошганини таъкидладилар, бунинг натижасида Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида иккинчи ўринни эгаллаган (Россия Хитойдан кейин иккинчи ўринда – «Фарғона» изоҳи).
Решетников шунингдек, Марказий Осиё давлатида Россия иштирокидаги уч мингдан ортиқ корхона фаолият юритаётганини таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, бу республикадаги хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сонининг 22 фоизини ташкил этади.
Россия ҳукумати вакили Ўзбекистонга энергетика ресурслари: газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми ортиб бораётганига алоҳида урғу берди. Шу муносабат билан у ҳамкор давлатнинг энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда ўлкалар даражадаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йили Москва вилоятида ўтказиладиган Россия ва Ўзбекистон вилоятларининг иккинчи кенгашига тайёргарлик кўриш масалалари кўтарилди.
Мулоқотда Марказий Осиё республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон томонининг қайд этишича, бу йўналишдаги музокаралар фойдали, мазмунли ва конструктив бўлиб, икки давлат жараённи янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирган.
Хўжаев Москвага ташрифи чоғида россиялик сиёсатчилар билан яна қатор учрашувлар ўтказди. Хусусан, Россия Федерацияси ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров билан иқтисодиётдан ташқари ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ҳам таъкидланди. Унинг сўзларига кўра, туризм соҳасида ижобий тенденция кузатилмоқда: 2024 йил охирига келиб россияликлар Ўзбекистонга 515 минг саёҳат қилган.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда республикада Россия олий ўқув юртларининг 14 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида рекорддир, деди Мантуров. Унинг қўшимча қилишича, яна бир лойиҳа расмийлаштириш босқичида: Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш.
Ўзбекистон-Россия муносабатларининг ривожланиши парламентлар даражасида ҳам амалга оширилмоқда. Ўтган ҳафтада РФ Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин бошчилигидаги депутатлар делегацияси расмий ташриф билан Тошкентга келди. Меҳмонлар пойтахтдаги IТ-паркда, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига яратилган Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди. Бу ерда россияликлар «Матонат мадҳияси» ёдгорлигига гул қўйишди.
Бундан ташқари, Володин Олий Мажлиснинг юқори ва қуйи палаталари раислари – Танзила Нарбоева ва Нуриддин Исмоилов билан учрашувлар ўтказди. Улар Олий даражадаги парламентлараро комиссия тузиш муҳимлигини таъкидладилар.
14 март куни Давлат Думаси спикери Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Музокараларда Марказий Осиё республикасида бўлиб ўтадиган Парламентлараро комиссиянинг иккинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, савдо-иқтисодий инвестициявий шерикликнинг устувор лойиҳаларини, шунингдек, меҳнат миграцияси ва маданий-гуманитар алмашинув соҳасидаги қўшма дастурларни амалга оширишни жадаллаштиришда икки мамлакат депутатлари ва сенаторларининг фаол иштироки муҳокама қилинди.