Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро эркин савдо режимини жорий қилди

oilgas.gov.tm сайти фотосурати

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

Янги тартиб доирасида 25 февралдан бошлаб икки давлат ҳудудида ишлаб чиқарилаётган аксарият товарлар учун божхона тўловлари бекор қилиниб, савдо тартиб-таомиллари соддалаштирилди. Масалан, Туркманистонга олиб кирилаётган маҳаллий цемент маҳсулотлари (божхона тўлови 100%), тўқимачилик матолари (50%), мебель (50%), шиша идишлар (50%), сув иситиш қозонлари (15%), пластик ва полипропилен маҳсулотлар (10%), колбаса ва гўшт маҳсулотлари (1 кг учун 2 доллар), пахта ёғи (1 кг учун 1 доллар) божхона тўловлари бекор қилинди.

ИССВ божсиз савдо режимидан фойдаланиш товар айланмасини ошириш ва мамлакатлар ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

2024 йил якунига кўра Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,5 фоизга ўсиб, 1,14 миллиард долларни ташкил этди.

ℹ️ Аввалроқ икки давлат Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Шовот туманида эркин савдо зонаси (ЭСЗ) ташкил этиш ниятида экани ҳақида хабар берилганди. Ҳукуматлар ўртасида ЭСЗни ташкил этиш тўғрисидаги битим 2021 йил 5 октабрда имзоланган. 2022 йил июль ойида Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари бу ниятни тасдиқлаб, Тошкент ва Ашхободда икки республиканинг савдо уйларини очишга қарор қилишди. Ўша йилнинг октабрь ойида Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов «Хоразм-Тошҳовуз» чегара савдо зонаси қурилишини бошлаш маросимида иштирок этишганди.

ЭСЗ узайтириш имконияти билан 30 йил муддатга яратилган. Бу фақат ушбу икки давлатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни «эркин божхона зонаси» режимида сотиш имконини беради. Кириш алоҳида назорат-ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади, Туркманистон фуқаролари ва Ўзбекистонга келган хорижликлар ушбу зонада 15 кунгача визасиз қолишлари мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ