Сиз қуриб беринг – биз бузамиз

ШҲТ-2016 саммити олдидан реконструкция қилинган Тошкент маҳалласини “Москва кўп қаватли турар-жойлари” учун бузишади
Уйлар фасадлари 2016 йилда реконструкция қилинган.. Муаллиф: Андрей Кудряшов “Фарғона”

Тошкентдаги Абдулла Қаҳҳор номли маҳаллани бузишмоқчи. Ваҳоланки, атиги уч йил олдин шаҳар ҳукумати у ерда яшовчи аҳолини ўз ҳисобидан уйларни реконструкция қилишга мажбурлаган эди. Ҳозирги кунда маъмурий суд аҳолининг кутилмаганда вужудга келган “давлат ёки жамоат эҳтиёжлари” учун маҳаллани бузиш ҳақидаги қарор сабабли, шаҳар ҳокимлигига нисбатан даъво аризасини кўриб чиқмоқда. 5 декабрь куни навбатдаги сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Тафсилотлар “Фарғона” мақоласида.

Ўзбекистон ССР халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалла Яккасарой туманида жойлашган бўлиб, 32 уйдан иборат. Мажлис бошланишидан аввал Чилонзор туман маъмурий судининг раиси Абдуллажон Мухиддинов маҳалла аҳолиси билан бирга бир неча уйни кўриб чиқиб, улар эскирмаган эканлигига ишонч ҳосил қилди. Бундан сўнг, маҳалла қўмитаси биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Даъвогарларнинг адвокати Сергей Майоров шаҳар ҳокимининг учта қарори билан фойдасига маҳаллани бузиш белгиланган ECO HOUSE қурилиш ташкилотининг вакилига бир нечта савол берди. Хусусан, келгусидаги бузилиш учун ташкилот аҳолига қанча миқдорда товон таклиф қилмоқчи? Корхонанинг қурилиш ишлари бўйича директор ўринбосари Хожиакбар Ғофуров хоҳловчилар “Глинка” турар жой мажмуаси қурилиб бўлганидан кейин, ўз уйлари майдонидан кам бўлмаган майдонли квартира олишлари мумкинлигини, рози бўлган оилалар ижара уйда яшаб туришларини ва ижара тўлови қурувчи ташкилот томонидан қопланишини маълум қилди.

Сайёр суд мажлиси Нукус кўчасидаги уйларни кўриб чиқмоқда. Муаллиф: Андрей Кудряшов “Фарғона”

Бундан ташқари, Ғофуровнинг сўзларига қараганда, янги квартираларни ўз дидига мослаб таъмирлаш ишлари учун етарли миқдорда маблағ ажратилиши, ҳамда компания, фуқароларнинг тўлиқ сўндирилмаган кредитлари бўлса, уларни тўлаб бериши кўзда тутилган. Агар фуқаролар компенсацияни пул кўринишида олишни хоҳласалар, қурилиш ташкилоти уларнинг уйларини мустақил равишда баҳолаш жараёнидан кейин уйларнинг бозор қийматини тўлаб беришга тайёр.

Майоров Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг вакилига мурожаат қилиб, президентнинг 5495-сонли фармонида кўзда тутилган шартлардан қайси бири давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун уйларни бузишга асос бўлаётганлигини сўради. (Эслатиб ўтамиз, ер участкалари фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш, автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш) учун, ҳамда аҳоли яшаш пунктлари бош режалари бандларини ижро қилиш учун олиб қўйилиши мумкин). Адвокатнинг суҳбатдоши биринчи 4 та шарт тўғри келмаслигини тан олди, лекин бешинчи шарт, яъни шаҳар бош режасига риоя этиш учун ерни олиб қўйиш, айнан тўғри келишини маълум қилди.

Адвокат Сергей Майоров. Муаллиф: Андрей Кудряшов “Фарғона”

«Келгуси қарор биз учун ижобий бўлишига шубҳам бор, — деди сайёр мажлисдан кейин Сергей Майоров “Фарғона” вакилларига. — Биринчидан, ўхшаш вазиятларда шу судьянинг ўзи қарорни аризачилар фойдасига қабул қилмаган. (Абдуллажон Мухиддинов 20 ноябрь куни ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилувчи аҳолининг шунга ўхшаш аризасини қаноатлантиришсиз қолдирди. – “Фарғона”изоҳи.). Иккинчидан, бугун кузатилаётган амалиёт кўрсатишича, ҳозирда кимдир амалдаги қонунчилик асосида иш тутиши даргумон. Мен қонунчилик унутилади ёки аҳоли фойдасига бўлмаган қандайдир иккиламчи маънода талқин қилинади деб ўйлайман”.

«Яна юз йил туради»

Абдулла Қаҳҳор маҳалласи аҳолисининг сарсонгарчилиги қарийб тўрт йил аввал бошлаган. 2016 йил январининг бошида олд қисми Нукус кўчасига чиқиб турувчи уйларда яшовчи оилаларни кундан-кунга ҳукумат комиссия келишидан хабардор қилиб, 7 январь куни ўз уйларининг дарвозаси олдида бўлишларини сўрашган. Ҳақиқатан ҳам, белгиланган кунда ўша вақтдаги шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов бошчилигида катта ҳукумат комиссияси ташриф буюриб, уйма-уй юриб оилалар билан алоҳида суҳбатлашган.

«Усмонов бизга Тошкент 2016 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг 16 саммитига таёрланаётгани ҳақида хабар берди, — дейди маҳалла раиси Абдужаббор Абдураззоқов, — ўша вақтда ҳоким бизга уйларимиз яна 100 йил туришини ишонтириб айтган, лекин ШҲТ келишидан олдин уларнинг кўринишини ўз ҳисобимиздан яхшилашимиз кераклигини айтган. Комиссия архитектор иштирокида ҳар бир уйни синчковлик билан кўриб чиққан. Шароити тўғри келган фуқароларга иккинчи қаватни қуришни, уйлари бунга тўғри келмайдиган фуқароларга эса бинони тўлиқ бузиб, қайтадан қуришни тайинлашган”.

2016 йилда ҳукумат кўрсатмасига кўра фасад реконструкциясининг эскизи. Муаллиф: Андрей Кудряшов “Фарғона”

Комиссия ҳар ҳафта келиб, ҳар бир уйнинг архитектура-қурилиш лойиҳасини мослаштириб борган. Жараён ўша вақтдаги бош вазир, ҳозирда Республика Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳам қизиқтирган. Маҳалла аҳолиси уни ўз ойналари остида деярли ҳар куни кўришган.

“Смета ҳужжатлари билан лойиҳаларни биз банкка тақдим қилдик ва натижада банк бизга 10 йил муддатга, йиллик 9 фоиз ставкаси билан имтиёзли кредит ажратди, — сўзини давом этади Абдураззаков. – Натижада биз уйимизга ўзимиз инвестиция киритдик. Биринчи навбатда икки қаватли фасадларни қуриб олиб, сўнгра ички хоналарни қуришга киришдик. Қўшниларимнинг орасида ҳали қурилишни тугатмаганлари бор. Шу билан бирга ҳаммамиз ҳозирда банкка ойига 3-5 миллион сўмдан (бугунги курсда $315-525) тўлов қиламиз”.

“Фарғона” суҳбатдошининг сўзларига қараганда, кредит олиш имкониятига эга бўлмаган ёки ўз уйларини қайтадан қуришдан бош тортган фуқароларга шаҳар чеккасидаги иккиламчи турар жойлар тақдим қилинган (уйлари эса бузилган). Шаҳар марказидан кетишни хоҳламаганлар эса ҳукумат шартларига кўнишга мажбур бўлган. Натижада 2016 йилнинг май ойида Мирзиёев қайта қурилган уйларни шахсан қабул қилиб олади.

Корвалол билан валерьянкани ичиб тугатдик

2018 йилнинг ёз ойларида нотаниш эркак маҳаллага келиб янгиланган уйларни суратга ола бошлаганида, уларни тегмасликларига шубҳа туғилди. Маҳаллий аҳоли томонидан қуршовга олинган сураткаш туман техник инвентарлаштириш (ТТБ) бюросининг ходими эканлигини, ундан билдирмай турар жойларни суратга олишни сўрашганини айтган. Ўшанда маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар шубҳага бориб, муаммонинг олдини олиш мақсадида барча ташкилот ва идораларга битта илтимос – уйлар бузилиши режалаштирилган ёки режалаштирилмаганлигига аниқлик киритиш сўрови билан чиққан. Бунга жавобан “уйингиз ҳозирча бузилмайди, хавотирга ўрин йўқ” деган маънода хатлар келган.

2018 йилнинг 30 ноябрь куни Нукус кўчасидаги икки қаватли кўп хонали уйлардан бирининг ҳовлисида бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ҳукумат комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтиб, унда шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва туман ҳокими Бахтиёр Шомуродовлар ҳам иштирок этган. Муҳокама шу қадар баланд овозда олиб борилганки, унинг мазмуни бу ерда яшовчи кўпчиликка эшитилган.

“Улар қатор қурилиш ташкилотлари, шу жумладан ECO HOUSE вакилларини чақириб, уларнинг ўртасида кўчамизни тақсимлади, — дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Ноила. – Ҳудди шундай гапиришган: сенга кўчанинг бу қисми тегади, сенга эса – наригиси. “Сен барча оилаларни кўчирасан ва бу ерда Москва кўп қаватли уйларини кўрмоқчиман”, — деганди Абдулла Арипов. Қурилиш ташкилотлари бундай ишларга уларнинг маблағи етмаслигини важ қила бошлашди. Бош вазир бақира бошлади, бундан кейин улар рози бўлиб – хоп, бажарамиз дейишди. Хуллас, 2019 йил январь ойига уларга бўлғуси уйларнинг лойиҳасини тайёрлаш ва топшириш буюрилди”.

Эшитилган маълумотни муҳокама қилган маҳалла аҳолиси декабрнинг ўртасида президентнинг виртуал қабулхонаси ва Бош прокуратурага шикоят билан мурожаат қилди. 2019 йил январь ойининг бошида Абдураззоқовнинг номига ТТБ муҳандиси номидан жавоб хати келиб, унда “ҳозирча бузиш ҳақида ҳеч қандай қарор йўқ, лекин агар бундай қарор қабул қилинса, ҳаммаси учун қонунга асосан товон тўланади” деган жавоб келган.

“Январь ойининг ўртасида ўша икки қаватли уйнинг ҳовлисида яна битта ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди. Лекин бу сафар маълумот чиқиб кетмаслиги учун дарвозалар ёпилди, — давом эттиради “Фарғона”нинг суҳбатдоши. – Айтиш керакки, бу уй 2016 йилда ШҲТ мажлиси олдидан янги қурилган, қизиғи – ўшанда қурувчи кўп қаватли уй қураман деганда, Мирзиёев “икки қаватдан ошмасин” деган. Энди эса Арипов қурувчи ташкилотга: бу уйни бузасан, оилаларга хонадонлари учун пулларни қайтарасан, уйнинг ўрнида эса кўп қаватли уй қурасан”, — деди. Шундай бақир-чақир кўтарилдики! Натижада, шу уйининг домкоми Оксана исмли ёш аёл микроинсультга чалинди. Дорихонага чиқиб, корвалол дорисини оламан десам, дорихона ходими “маҳаллангизда нималар бўляпти? Бизда корвалол билан валерьянкани тўлиқ сотиб олишди”, — деди. Тез ёрдам машиналари эрталабдан кечгача маҳалламизга қатнади”.

«Бизни алдашди»

Январь ойининг охирида маҳалланинг учта фуқароси Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Даврон Ҳидоятовнинг қабулига ёзилиб, унинг олдига 30 март кунигина киролди. Нукус кўчасида нималар бўляпти, деган саволга Хидоятов: бузиш тўғрисида қарор йўқ, тинч яшайверинг, деган жавобни берган.

Бироқ ўша куни кечқурун маҳаллада яшовчи фуқаролардан бири Абдураззоқовга шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевнинг иккита 201 ва 203- сонли қароридан (иккаласи жорий йилнинг 12-февралида имзоланган) нусха олиб келган: биринчиси – “ECO HOUSE компаниясига юридик ва жисмоний мулкдорларни кўчириш, уларнинг мулкини етказиб бериш, турар ва нотурар жойларни бузилиши билан боғлиқ зарарни қоплаш, ҳудудни қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, ҳамда кўп қаватли турар-жой биноларини қуриш топширилсин”, иккинчиси эса “ECO HOUSE ташкилотига зарарни ўрнатилган тартибда қоплаш вазифасини юклатиш, ҳамда уйлар бузилиши натижасида бўшаган 0.62 га майдонда ўз ҳисобидан кўп қаватли турар-жой қурилишига рухсат берилсин” деган маънода бўлган. Кўриниб турибдики, иккала қарор бир-бирини қайтармоқда.

«Демак Ҳидоятов бизни шунчаки аҳмоқ қилган”, — деб ҳисоблайди Абдураззоқов.

Шу вақтнинг ўзида ECO HOUSE корхонасининг сайтида қатор иншоотлар ўрнида қад кўтарадиган кўп қаватли уй лойиҳаси пайдо бўлди. Нукус кўчасига перпендикуляр жойлашган Глинка кўчасида эса сотувлар офиси ташкил этилиб, бир квадрат метр учун икки минг доллар миқдорида ҳақ белгиланди.

Маҳалла аҳолиси изоҳ талаб қилиб Яккасарой туман ҳокими Бахтиёр Шомуродовга мурожаат қилди ва 10 апрель куни маҳалла қўмитаси ҳудудида унинг иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисда ECO HOUSE вакиллари ҳам иштирок этишди. Аниқланишича, ушбу компаниянинг қурилиш ишларини амалга ошириш учун ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатлари йўқ бўлган, ваҳоланки ўша вақтда бинонинг 4-қавати қурилаётган эди. Дарвоқе, ҳозирги кунда бинонинг баландлиги 12 қаватга етган, лекин судда компания ҳозирги кунгача ҳам керакли ҳужжатларга эга эмаслиги аниқланди. Ўтган мажлис натижаси фуқароларнинг ҳар қанча товон тўлашмасин, у ердан кўчишдан қатъиян бош тортиши билан тугади.

“ECO HOUSE қаердан келиб қолди ўзи? – дея савол беради маҳаллада яшовчи Ботир Исмоилов. – Айтишларича, ушбу ташкилот вакиллари шаҳар ҳокимлигига келиб, шу ерда уй қуриш таклифини билдирган, бундан кейин ҳоким мувофиқ қарор чиқарган. Демакки, кимдир менинг уйимнинг ўрнида уй қурмоқчи, ва унга бу учун рухсат берилмоқда. Бу менинг конституцион ҳуқуқларимнинг бузилиши эмасми? Ўзида уйлар қураверсин!”

Октябрь ойида маҳалла аҳолиси ҳокимнинг иккита қарорини бекор қилиш талаби билан Чилонзор туман маъмурий судига мурожаат қилди ва 13 ноябрь кунидан бошлаб ушбу даъво аризаси бўйича мажлислар ўтказилмоқда. Томонлар муҳокамаси ҳали олдинда.

Суд мажлисидан бир қанча вақт олдин, Ортиқхўжаевнинг иккита қароридан олдин 2018 йил 30 март куни собиқ шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан имзоланган 510-қарор мавжудлиги аниқланди. Эслатиб ўтамиз, айнан Усмонов 2016 йилнинг қишида Нукус кўчасидаги уйлар яна юз йил туришини ваъда қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Туркманистон терма жамоаси дарвозабонига чет элга чиқиш тақиқланди

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида