Қарши шаҳрида қурилаётган бино ағдарилиши оқибатида бир ишчи ҳалок бўлган

Бино қулаши оқибатлари . Nkgz.uz сайти фотосурати

23 июнь куни кечқурун Қарши шаҳрида қурилаётган беш қаватли бинонинг юк кўтарувчи темир-бетон конструкциялари қулаб тушди. Бунинг оқибатида 1 нафар ишчи-ходим воқеа жойида вафот этган, деб хабар беради «Қашқадарё» газетаси.

Фавқулодда ҳолат Қарши шаҳри, Ислом Каримов кўчасидаги “Насаф Травел” меҳмонхонаси биносининг чап томонидан қўшимча қурилаётган беш қаватли бинода юз берган. Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий Гвардия ва Прокуратура органларининг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, Фавқулодда вазиятларда уларни олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимининг куч ва воситалари етиб келган.

«Етиб келган мутахассислар дарҳол воқеа жойида тонгга қадар қидирув-қутқарув ишларини олиб бордилар, — дейди Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Соҳиб Вайитов. — Тўртта инсон қутулишга улгуриб қолган, улар енгил шикастланганлар. Бугун эрталаб таҳминан соат 05:20 да бир эркак кишининг жасади топилди. Аниқланишича, у Бойсундан ишлагани келган 37 яшар ишчи бўлган».

Бино қулаши оқибатлари . Qashqadaryogz.uz сайти фотосурати

Қидирув ишлари тугагач Қарши прокуратураси тергов ишларини бошлаб юборди. Ҳудуд атрофи ўралган, чунки бино қулаши хавфи мавжуд. Бундан ташқари, қурилиш майдончаси кийим-кечак бозоридан узоқда бўлмагани боис, қутқарувчилар одамларни хавфли жойга яқинлашмасликларини таъминлаши лозим.

«Насаф Травел» компанияси янги меҳмонҳона қурилишини 2019 йил февраль ойида бошлаган. Бино 2021 йил фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ишлаб турган меҳмонхона вақтинча ёпилган.

2019 йил август ойида Riviera савдо-кўнгилочар маркази қурилиши пайтида металл конструкциялар қулаши оқибатида тўртта ишчи ҳалок бўлганди ва иккита одам тан жароҳати олганди. Орадан тўрт ой ўтиб, Тошкент метропилитенининг «Юнусобод» йўналишидаги қурилиш чоғида ер қулаши оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Фожиа қурилиш лойиҳасидан четланиш ва деворлар яхши маҳкамланмагани боис юз берган.

Шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёев қурилиш майдонларида хавфсизлик чораларини кучайтирилиши талаб қилди. У бахтсиз ҳодисаларга техник хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик ва таҳлика таҳлили йўқлиги сабаб бўлаётганини таъкидлади. «Халқаро тажрибада қурилишдаги хавфсизлик, сифат ва якуний натижа назорат қилинади, бизда эса барча куч ва ресурслар қурилиш жараёнини назорат қилишга сафарбар қилинади, сифатга эса иккинчи даражали аҳамият берилади», — деганди президент.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ