Қарши шаҳрида қулаб тушган беш қаватли бино ноқонуний қурилган

Қарши шаҳрида қулаб кетган бино . Nkgz.uz сайти фотосурати

Қарши шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида қурилаётган беш қаватли бино ноқонуний бунёд этилган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида, “Насаф-Травел” компаниясига тегишли ушбу объектидаги қурилиш ишлари руйхатга олинмасдан, ноқонуний олиб борилгани маълум бўлган. Буюртмачи “Насаф-Травел” компанияси “Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”га мувофиқ, Қашқадарё вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясини хабардор этмагани аниқ бўлган.

«Бир неча бор “Насаф-Травел” компаниясини огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан, ноқонуний равишда объектда қурилиш-монтаж ишларини давом эттирган», — дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Шунингдек, вазирлик компаниянинг «қурилиш меъёрларининг қўпол равишда бузганлиги натижасида мазкур ҳолат келиб чиққани, тадбиркорлик субъекти қонунда кўрсатилган эркинликларни суистеъмол қилган»ига урғу беради.

23 июнь куни кечқурун Қарши шаҳрида қурилаётган беш қаватли бинонинг юк кўтарувчи темир-бетон конструкциялари қулаб тушган ва бунинг оқибатида тўртта ишчи енгил жароҳатланган, 1 нафар ишчи-ходим эса воқеа жойида вафот этган. Бинонинг қолган қисмларининг қулаши хавфи мавжуд. Қарши прокуратураси текширув ишларини бошлаган.

Қурилиш майдонига ўрнатилган баннердаги ёзувларга кўра, янги меҳмонхона биноси қурилиши 2019 йил февраль ойида бошланган ва бино 2021 йил сентярда эксплуатацияга топширилиши лозим бўлган.

2020 йил январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикадаги қурилиш соҳасини танқид қилди ва қурилиш майдонларида хавфсизлик чоралари кучайтилишини талаб қилди. Вазирлик ва идораларга қурилиш соҳаси назоратини қайта ташкил қилиш ва меҳнат муҳофасини кучайтириш вазифалари топширилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ