Жанубий Кореянинг Улсан шаҳри мэрияси Ўзбекистон фуқаролари учун меҳнат визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган механизмини жорий қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Улсан мэри Ким Ду Гём Тошкентга келди ва 17 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев билан учрашди.
Меҳмоннинг таъкидлашича, бундай соддалаштирилган тартиб Кореяда илк бор жорий этилмоқда. У Ўзбекистон фуқаролари уч ойлик касбий тайёргарлик курсларини тамомлаб, корейс тилини ўргангач, меҳнат визасини олиши ва Улсанда ишга жойлашиши мумкинлигини айтди. Ўзбекистонликларни Корея иқтисодиётининг саноат ва бошқа тармоқларида кутишмоқда.
Агар тажриба муваффақиятли деб топилса, бу амалиёт Корея Республикасининг бошқа шаҳарларида ҳам қўлланилади.
Улсан мэри миграция қонунчилигига риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон фуқароларини шаҳар корхоналарида ташкилий равишда ишга жойлаштириш имконияти бўйича Ўзбекистон томони сўровини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
ℹ️ Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ўзбекистонликлар ишлаши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини кенгайтиришга интилиб, мигрантлар учун меҳнат бозорларини диверсификация қилиш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. 2025 йили ҳукумат иқтисодий ривожланган мамлакатларда, жумладан, Жанубий Кореяда 200 мингдан ортиқ ватандошни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда. 2024 йили ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 534 миллион долларни ташкил этган, бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 56 фоизга кўп бўлган.