Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари 20 март куни Тошкентда жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичи еттинчи тур учрашувини ўтказади. Бу тарихдаги ўнинчи юзма-юз учрашув бўлади.
Еттинчи турга келиб Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари турли муаммоларни ҳал қилишмоқда. Ўзбекистонликлар жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олишни мақсад қилган бўлса, қирғизистонликларнинг тўртинчи саралаш босқичига чиқиш учун реал имконияти бор холос. Бироқ, иккала рақибга ҳам очко керак. Демак, Марказий Осиё дербиси кескин ўтиши кутилмоқда.
Жамоалар сўнгги бор Бишкекда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати саралаш босқичининг иккинчи босқичида тўқнаш келишганди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 3:2 ҳисобида ғалабага эришганди. Умуман олганда, статистика ҳам ўзбеклар томонида – улар Қирғизистон термасига қарши кечган 9 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонишган.
Бироқ, ўзбекистонликлар бўлажак баҳсга сафда йўқотишлар билан яқинлашмоқда. Асосий ҳимоячилар Туркиянинг «Ризеспор» клубидан Хусниддин Алиқулов ва «Насаф»дан Шерзод Насруллаевлар жароҳат олишган. Шунингдек, Эроннинг «Персеполис» клуби ярим ҳимоячиси Остон Ўруновнинг иштирок этиши ҳам сўроқ остида. Украинанинг «Рух» клуби вингери Бекназ Алмазбековни ҳисобга олмаганда қирғизистонликлар Тошкентга деярли оптимал таркибда етиб келишди.
Эслатиб ўтамиз, А гуруҳи еттинчи турида Эрон БАА, Қатар эса КХДР билан баҳслашади.